Партия Низоми
Ўзбекистон “ЭРК” Демократик партияси низоми
1990 йилнинг 30 апрел куни «Эрк» Демократик Партиясининг Биринчи (Таъсис) Қурултойида қабул қилинган, 1991 йилнинг 3 феврал куни Иккинчи Қурултойида, 1993 йилнинг 25 сентябр куни Тўртинчи Қурултойида ва 2003 йилнинг 22 октябр куни Бешинчи Қурултойида ўзгартишлар киритилган
М У Қ А Д Д И М А
«Эрк» Демократик Партияси ўз фаолиятини бутун республика худудида амалга оширадиган сиёсий партиядир. Унинг «Эрк» Демократик Партияси», «Ўзбекистон «Эрк» Демократик Партияси», «Эрк» Демпартияси», «Эрк» Партияси» ва «Эрк» деган номлари айнан бир маънони англатади.
«Эрк» тушунчаси олий даража умумийликка эга тушунчалардандир. У ҳар бир инсон учун узвий бўлган ва иймон билан биргаликда ўз соҳибининг ният-эҳтиёжларини белгилаб турадиган қадриятлар тизимини (системасини) ифодалайди. Инсон эрки, миллат эрки, халқ эрки, жамоа эрки, инсоният эрки, давлат эрки каби қадриятларни ҳам ўз ичига олади.
«Эрк» Партияси Ўзбекистон халқининг демократия, адолат, инсон ҳуқуқлари ғояларига содиқликда, тарихий тажриба ва халқаро ҳуқуқ қоидаларига таяниб, республика фуқароларига муносиб ҳаёт таъминлаш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлашдан иборат конституциявий мақсадларини рўёбга чиқариш йўлида Ўзбекистон Конституцияси доирасида фаолият кўрсатади.
Инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат шундай бир очиқ мураккаб тизимки, у эркин инсонларнинг эркин жамоаларидан тузилган, ўзи ишлаб чиққан қонунлар билан ўзини идора қилади ва ўз тараққиётини ўзи таъминлаб боради.
Тараққиёт ушбу тизим тузилмаси (структураси) мураккаблашиши, таркибий қисмлари эркинлашиши, ички ва ташқи боғланишлари мустаҳкамлашиши, қонунлар халқчиллиги ошиб бориши томонга қараб йўналгандир.
Демократия ўзини ўзи идора қилиш тизимидир; у иймоннинг эркдан устиворлигига қурилган; инсонларнинг яккаликда ёки биргаликда фаолият кўрсатиш тарзини белгилайди; зиёсиз иймон ва иймонсиз мақсад бўлмайди; тизим мақсадга қурилади; тизим тузилмасини унинг функцияси белгилайди; энг улкан зиддият эски тузилма билан янги мақсад ўртасидагидир; сиёсий тизим билан иқтисодий тизим мувофиқлиги уларнинг тизимлик аломатини белгиловчи заминлари яхлитлиги билан белгиланади.
1. «Эрк» Партиясининг Дастур ва Уставини эътироф этган, уларга риоя қилиш мажбуриятини олган, 18 ёшга етган, аъзолик бадалини узликсиз тўлаб борадиган ва бошқа сиёсий партия сафида турмайдиган барча Ўзбекистон фуқаролари партия аъзоси бўлиши мумкин.
2. Партиянинг барча аъзолари партия сиёсатига тааллуқли масалаларни муҳокамага қўйиш ва муҳокама қилиш, қарорлар ишлаб чиқишда қатнашиш, таклифлар киритиш, партия органларига сайлаш, сайланиш ва номзод кўрсатиш, партиявий тадбирларда қатнашиш ва уларни тайёрлаш, партия нашрларида иштирок этиш, партиянинг юридик ёрдамидан ва унинг хизматидан фойдаланиш ҳуқуқларига эгадирлар.
3. Партиянинг ҳар бир аъзоси унинг жамиятдаги обрўсига ҳисса қўшиш, сиёсатини амалга ошириш, дастур ғоя ва мақсадларини тарғиб қилиш ва шунингдек сиёсий ҳаётда фаоллик кўрсатишни ўзининг бурчи деб билиши шарт.
4. Партия аъзолигига қабул қилиш бирламчи партия ташкилотларида, якка тартибда ўтказилади. Партияга қабул қилиш тўғрисидаги қарор партия аъзоларидан икки кишининг тавсиясига биноан, ташкилот мажлисида муҳокама қилингандан сўнг кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Партия сафига кириш ва аъзоликдан чиқиш ихтиёрийдир. Партия аъзолигидан ихтиёрий чиқиш партия аъзосининг аризасига биноан у ҳисобда турувчи партиявий бўлимда ҳал қилинади.
5. Партиянинг жамиятдаги обрўсига путур етказган, Устав қоидаларига зид ҳатти-ҳаракатлар қилган аъзо партиядан чиқарилади. Бу ҳақда қарор партиянинг бирламчи ташкилотлари ёки партиянинг раҳбар органлари мажлисида кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
6. Партия аъзолигига қабул қилинганларга бир хилдаги партия ҳужжати берилади. Партия аъзоларини рўйхатга олиш ва ҳужжат бериш тартиби партия Марказий Кенгашининг Котибияти томонидан белгиланади.
2. ПАРТИЯ ТУЗИЛИШИНИНГ ТАШКИЛИЙ ПРИНЦИПЛАРИ
7. Партия ўз фаолиятини ғоявий жиҳатдан фикрлар хилма-хиллигининг дастур бирлиги, ташкилий жиҳатдан эса якка ҳолда ҳамда биргаликда ўз-ўзини идора қилишдан иборат умумий принципларга асосланган ҳолда олиб боради. Ўз фаолиятида фикр-мулоҳазалар эркинлигини таъминлайди, ошкоралик, самимийликка амал қилади. Партия Ўзбекистон Республикаси худудида фаолият кўрсатади.
8. Партиянинг барча ташкилотлари ва раҳбар органларининг иш услублари демократияга асосланади. Қабул қилинадиган ҳар бир ечим ёки қарор лойиҳани шакллантириш босқичидан тортиб, то тасдиқлашгача эркин муҳокама, фаоллик, самимият ва ошкоралик асосида қабул қилинади.
9. Партиянинг барча раҳбар органлари сайлов натижасида шаклланади. Партиявий сайлов системасини ишлаб чиқишда, уни амалга оширишда ва ўзгартишлар киритишда партиянинг барча аъзолари фаол қатнашиши таъминланади.
10. Партия раҳбар органларининг асосий вазифаси улар раҳбарлик қиладиган партия аъзоларининг талаблари, эҳтиёжлари, фикрларини мужассамлаштириш ва мужассамланган шаклдаги мулоҳазаларни қарор ёки ечимга айлантириш ҳамда уларнинг ижросини йўлга қўйишдан иборатдир. Қарор ва ечимлар кўпчиликнинг ҳам, озчиликнинг ҳам талабларини ўз ичига олиши керак.
3. ПАРТИЯНИНГ ТАШКИЛИЙ ҚУРИЛИШИ
11. Партиянинг бирламчи ташкилоти партиявий бўлимдир. Камида уч кишидан иборат партия аъзолари бирлашиб партия бўлимини ташкил қилади. Кичик (3 кишидан 30 кишигача) бўлимлар котиб, кўп сонли бўлимлар эса котиб ва унинг ёрдамчиларини сайлайдилар. Бўлим котиби ёки котиб ва унинг ёрдамчилари партиявий ишни ташкил қилади. Котиб ёки унинг ёрдамчилари бўлим аъзолари олдида келишилган муддатда ҳисобот берадилар ва зарур пайтда қайта сайлов ўтказишни ташкил қиладилар.
12. Бўлимлар ўзининг мавқеи ва маҳаллий шароитидан келиб чиқиб ўзи қарор топган ҳудуд доирасидаги муассасалар (партия, ишлаб чиқариш, хўжалик, маданий, маъмурий ва бошқа идоралар) билан алоқа ўрнатади, Дастур ва Уставга ҳамғда партиянинг юқори органлари қарорларига асосланиб, маҳаллий муаммолар, зиддиятлар ва вазифаларни ҳал этишда қатнашади. Партия бўлимлари ихтиёрий бирлашиб, партиянинг туман, шаҳар ташкилотларини тузадилар. Вилоят партия ташкилоти туман, шаҳар партия ташкилотларининг ихтиёрий бирлашишидан ташкил топади.
13. Туман, шаҳар, вилоят партия ташкилотларининг анжуманлари (конференциялари) тегишли бошқарув органлари томонидан йилида бир марта чақирилади. Туман, шаҳар, вилоят партия ташкилотлари бошқарув органлари қарори ёки тегишли ҳакамликлар ёки юқори партия органининг таклифи ёки ушбу ҳудуддаги партия аъзоларининг камида учдан икки қисми талабига биноан навбатдан ташқари партия анжумани чақирилади. Туман, шаҳар, вилоят партия анжуманлари тегишли ҳудудий бошқарув органлари: заруратга қараб кенгаш, ҳайъат ва шунингдек, тегишли ҳакамликларини бир йил муддатга сайлайди, уларнинг ҳисоботларини эшитади, фаолиятини баҳолайди, бирламчи партия бўлимлари фикрини ҳисобга олиб, ўз фаолиятларининг асосий йўналишларини белгилайди. Партиянинг туман, шаҳар, вилоят кенгашлари ва ҳайъатлари анжуманлар оралиғидаги даврда уларга берилган ваколатлар доирасида туман, шаҳар, вилоят партия ташкилотининг вакили бўлиб, ўзига қарашли органлар ишига раҳбарлик қилади ва партия бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштириб туради. Ўз ваколатига кирувчи масалалар, яъни кадрлар, структура, бюджет, молия масалаларини бирламчи партия бўлимлари билан биргаликда ҳал қилади. Партиянинг туман, шаҳар, вилоят бошқарув органлари (кенгаш, котибият) қуйи ташкилотларининг қарорига далиллар асосида қўшилмаслик ва қуйи ташкилот қарори партия Дастури ва Устави қоидаларига зид бўлса, уни бекор қилиш ҳуқуқига эга. Туман, шаҳар, вилоят партия бошқарув органларида (кенгаш, котибиятларида) партия аъзолари ҳисобга олиб борилади. Партиянинг туман, шаҳар, вилоят ҳакамликлари ва уларнинг ҳакамлари тегишли ҳудудларнинг партия анжуманларида, бирламчи бўлимларнинг тавсияларига кўра партия аъзоларидан сайланади. Ҳакамликлар партия Дастури ва Устави, унинг раҳбар органлари қарорлари ижросини ва партия бўлимларидаги молиявий интизом ва партиявий мулкнинг сақланишини назорат қилиб боради. Ҳар бир янги бўлим партиянинг туман, шаҳар, вилоят ёки жумҳурият ташкилотларининг раҳбар органлари томонидан рўйхатга олинади. Устав талабларини бузган бўлимлар юқори партиявий орган қарори билан партиядан чиқарилади. Партиянинг бирламчи ташкилоти ҳамда туман, шаҳар, вилоят ташкилотлари улар аъзоларининг камида учдан икки қисмининг розилиги билан, Марказий Кенгаш Котибияти муҳокамасидан сўнг партия таркибидан чиқиш ихтиёрига эгадир.
4. ПАРТИЯНИНГ РАҲБАР ОРГАНЛАРИ
14. Партиянинг олий раҳбар органи Қурултойдир. Қурултой уч йилда камида бир марта ўтказилади. Уни чақириш муддати Марказий Кенгаш Котибияти қарори билан белгиланади. Партиянинг марказий раҳбар органлари аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва пойтахт партия ташкилотларининг раҳбар органлари аъзолари, туман партия ташкилотларининг биринчи раҳбарлари Қурултой вакиллари ҳисобланади. Марказий Кенгаш аъзоларининг камида ярми ёки Марказий Кенгаш Котибияти аъзоларининг камида ярми ёки партиянинг бирон-бир вилоят ташкилоти аъзоларининг умумий сонидан камида ярми ёки партия Лидери талаб қилган тақдирда Қурултой навбатдаги муддатдан илгари чақирилади. Пойтахт, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг камида тўртдан уч қисмидан Қурултой вакиллари қатнашган тақдирда Қурултой ваколатли ҳисобланади. Партиянинг раҳбар органларига тегишли ваколатларнинг ҳар бирини Қурултой ўз ихтиёрига олишга ҳақлидир. Қурултой ўзининг ушбу Уставда кўрсатилган ваколатларидан айримларини партиянинг марказий раҳбар органлари ихтиёрига бериши мумкин.
15. Қурултой қарорлари Қурултойда қатнашаётган вакилларнинг ярмидан кўпроғининг розилиги билан қабул қилинади. Розиликни аниқлаш тартибини Қурултой белгилайди. Қурултой қарорлари партиянинг барча органлари, ташкилотлари ва аъзолари учун мажбурийдир.
16. Партия Қурултойи:
- партия Дастури ва Уставини қабул қилади, уларга ўзгартишлар киритади;
- партия фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;
- партия бюджети ва унинг ижросини тасдиқлайди;
- партиянинг Марказий Кенгашини сайлайди, унинг фаолиятини баҳолайди;
Ўзбекистон Президентлигига партия Номзодини сайлайди, унинг фаолиятини баҳолайди;
- партиянинг рамзий белгиси ва тамғаларини тасдиқлайди.
17. Партия Марказий Кенгаши партия Курултойининг ишчи органидир, Қурултойлар оралиғида фаолият юритади ва иккита палатадан таркиб топган: Номзодлар Палатаси; Котибият. У Курултой қарорларининг ижросини ташкил қилади, партиянинг корхона ва муассасаларини таъсис қилади, уларнинг фаолияти устидан назорат юритади ва бошқа партиялар, ҳаракатлар билан муносабатларда партиянинг вакилидир. Ўз фаолиятида партиянинг Дастури ва Устави, ҳамда партия Қурултойининг қарорларига риоя қилади. Марказий Кенгаш, партия Қурултойининг қарорлари ижросини таъминлашдан келиб чиқиб, ўзининг тузилмасини иш методларини белгилайди. Марказий Кенгаш ҳар олти ойда бир марта чақирилади.
18. Партиянинг Ўзбекистон Президентлигига Номзоди ёпиқ овоз бериш йўли билан, бирнечта даъвогарлар орасидан Қурултойда танланади. Партия Номзоди танловининг якунловчи босқичига бошқа даъвогарларга нисбатан энг кўп миқдорда овоз олган иккита даъвогар киритилади. Партия Лидери, ўзининг Партия Лидери сифатидаги ваколатларини соқит қилиб, Партиянинг Ўзбекистон Президентлигига Номзод танловининг якунловчи босқичига учинчи иштирокчи бўлиб даъвогарлардан бири сифатида кириши мумкин. Бунда танлов натижалари бўйича ким Партиянинг Ўзбекистон Президентлигига Номзоди этиб танланган бўлса шу одам Партия Лидери бўлади. Танловнинг якунловчи босқичи иштирокчиларидан бошқа даъвогарларга нисбатан энг кўп миқдорда овоз олган биттаси танланган ҳисобланади, бунда уни қўллаб овоз берганлар ёпиқ овоз беришга қатнашган делегатларнинг ярмидан кўп, ёпиқ овоз беришда эса қайд этилган делегатлар сонининг ярмидан кўпи қатнашган бўлиши шарт. Партия аъзоси кўпи билан икки марта кетма-кет Партиянинг Номзоди этиб сайланиши мумкин. Партиянинг Номзоди президент сайловлари ўтишидан бир йил муддат олдин сайланади. Унинг ваколатлари муддати у Ўзбекистон Президенти лавозимига сайланган тақдирда бу лавозимда ишга киришган кунда тугайди, ёки у президентлик сайловда ютқазган тақдирда ушбу сайлов ўтган кундан уч ой кейин тугайди.
19. Партия Лидери уч йил муддатга Марказий Кенгаш томонидан ўзининг аъзолари орасидан сайланади. У Марказий Кенгаш Номзодлар Палатаси раҳбаридир ва партиянинг ушбу марказий раҳбар органи мажлисларида раислик қилади ҳамда унинг фаолиятини бошқаради. Партиялараро муносабатда, давлат ҳокимияти органларида, улар билан мулоқотда, халқаро алоқаларда, бевосита ёки билвосита оммавий чиқишларда партия манфаатларини ифодалашга вакилдир. Партиянинг давлат ҳокимияти органлари таркибидаги аъзолари фаолиятига раҳбарлик қилади.
20. Партия Марказий Кенгаши Номзодлар Палатаси давлат лавозимларига марказ, вилоят, шаҳар, туман миқёсидаги номзодлардан таркиб топади, ўз фаолиятини партия Марказий Кенгаши мажлислари оралиғида юритади, партия Қурултойини тайёрлайди ва Қурултой ҳамда Марказий Кенгаш қарорларининг ижросига тааллуқли сиёсий масалаларни ечади. Унинг мажлиси партия Лидери ёки партия Бош Котиби ташаббуси билан заруратга қараб чақирилади ва унинг ишида рўйхатдаги аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашса қонуний кучга эга ҳисобланади.
21. Марказий Кенгаш Бош Котиби уч йил муддатга Марказий Кенгаш томонидан ўзининг аъзолари орасидан сайланади. У Марказий Кенгаш Котибияти раҳбаридир, партиянинг ушбу марказий раҳбар органи мажлисларида раислик қилади ва унинг фаолиятини бошқаради. Партия Лидери йўқлигида унинг вазифаларини бажариб туради. Марказий Кенгаш қароргоҳида сайловсиз лавозимда ишлайдиган ходимлар билан меҳнат шартномаларини тузади ва улар фаолиятига раҳбарлик қилади.
22. Марказий Кенгаш Котибияти таркибига Марказий Кенгаш Бош Котиби, Марказий Кенгаш Котиблари ва пойтахт ҳамда пойтахт вилояти партия ташкилотларининг биринчи раҳбарлари киради. У Марказий Кенгаш мажлисларини тайёрлайди ва унинг ҳамда Марказий Кенгаш Номзодлар Палатасининг қарорлари ижросини ташкил қилади. Марказий Кенгаш котиблари Марказий Кенгаш мажлисида сайланиб қўйилади ва ҳар бири партия фаолиятининг маълум бир соҳасига масъулдир.
23. Партиянинг Бош Ҳаками уч йил муддатга Марказий Кенгаш томонидан сайланади, партия Ҳакамлиги (марказий назоратғтафтиш органи) раҳбаридир, партия Дастури ва Устави ҳамда Қурултой қарорларига амал қилинишини назорат қилади. У партия Лидери, партия Бош Котиби, Марказий Кенгаш котиблари, партиянинг барча раҳбар органлари фаолиятини назорат ва тафтиш қилиш ҳуқуқига эга. У партиянинг раҳбар органлари фаолиятларига тегишли масалани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун Марказий Кенгащдан партия Қурултойини чақиришни талаб қилиши мумкин. Партия Ҳакамлиги партия Марказий Кенгаши томонидан тузилади, партия Дастури ва Уставига амал қилади, ўз фаолияти тўғрисида партия Қурултойига ҳисобот тақдим этади.
24. Партиянинг маҳаллий ташкилотлари ўзларининг раҳбар органларини тузишлари мумкин. Маҳаллий ташкилотлар ўзларининг раҳбар органлари тузилмасини, мазкур Уставнинг 7, 8, 9, 10, 11, 12, 13-чи моддаларига риоя қилган ҳолда, ўзлари белгилайди. Бунда ўз-ўзини идора қилиш ва демократия принципларига, партия Дастури ва Уставига амал қилиниши шарт. Партиянинг марказий раҳбар органлари қуйи ташкилотлар билан уларнинг сайлаб қўйилган раҳбар органлари орқали алоқа ўрнатади.
5. ПАРТИЯНИНГ МОЛИЯВИЙ МАБЛАҒЛАРИ ВА МУЛКИ
25. Партиянинг маблағлари аъзолик бадаллари, Устав доирасида ўтказиладиган маданий-маърифий ва бошқа тадбирлардан, шунингдек партия нашрларидан, ишлаб чиқариш ва соҳибкорлик хўжаликларидан тушган даромадлардан, фуқаролар, корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг ихтиёрий, қонунга зид келмайдиган хайр-эҳсонларидан таркиб топади. Партиянинг ўз мулки бўлади. Унинг тасарруфидаги бинолар, нашриётлар, ускуналар, корхона ва хўжаликлар, пул маблағлари, партия маблағлари ҳисобидан сотиб олинган ёки вужудга келтирилган бошқа мол-мулк партия мулки ҳисобланади ва партия улардан мустақил фойдаланади. Партия маблағларини давлат банкидаги ўз ҳисобида сақлайди. Бу жамғармалар партиянинг Дастур ва Уставидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлатилади. Партия аъзолари ўз даромадларининг камида бир фоизи миқдорида аъзолик бадали тўлайдилар. Аъзолик бадалининг 50 фоизи марказий раҳбар органи ҳисобига ўтказилади, қолган қисми эса вилоят партия ташкилотининг ихтиёрида қолади. Партиянинг пул-маблағ ҳужжатларига ва бошқалар билан тузиладиган шартномаларига Қурултой ёки Марказий Кенгаш Котибияти тасдиқлаган кишиларгина имзо чекиш ҳуқуқига эга.
26. Партия Лидери, партия Бош Котиби, партия Марказий Кенгаши котиблари ва аъзолари, Бош Ҳакам ва партия Ҳакамлиги аъзолари, партиянинг маҳаллий раҳбар органлари аъзолари ўз партиявий ишларини жамоатчилик асосида бажарадилар. Зарурат бўлганда, партия Маказий Кенгаш Котибияти қарори билан партия Лидери, партия Бош Котиби, Марказий Кенгаш котиблари, бўлим бошлиқлари, аъзолари ва партиянинг жойлардаги раҳбар органларида муҳим вазифаларда ишлаётган партия аъзоларига маош тайин қилиниши мумкин.
27. Партия ташкилий вазифаларни ва кундалик юмушларни бажарадиган ходимларга эга бўлади. Уларнинг ишини партия Лидери, партия Бош Котиби бошқаради.
6. ПАРТИЯНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ
28. «Эрк» Демократик Партияси, унинг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва пойтахт ташкилотлари, шахар ва туман ташкилотлари рўйхатдан ўтган кундан бошлаб юридик шахс мақомига эга, унинг банкларда ўз ҳисоб рақамлари, ўзининг тўла атамаси ва бошқа зарур белгилари акс эттирилган тамға ва муҳри бўлади.
29. Партия ўз газета ва журналларини чиқаради. Партия нашрларининг Бош муҳаррирлари партия Марказий Кенгаш Котибияти томонидан тайинланади. Улар ўз фаолиятини матбуот ҳақидаги қонунга асосланиб, нашрнинг таҳрир ҳайъати фикрига таянган ҳолда, ошкоралик ва плюрализм асосида амалга оширадилар.
7. ПАРТИЯНИНГ ЎЗ ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ ТАРТИБИ
30. «Эрк» Демократик Партияси ўз фаолиятини:
- «Жамоат бирлашмалари тўғрисида», «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларида белгиланган қоидалар асосида;
- партия аъзолари ўртасида ўтказиладиган умумпартиявий референдумда жами аъзоларнинг тўртдан уч қисми розилиги билан;
- мазкур Устав бўйича чақириладиган фавқулодда Қурултой қарори асосида тўхтатиши мумкин.
31. Партия фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган раҳбар орган тугатиш комиссиясини тайинлайди. Бу комиссия ўзининг барча олди-берди муносабатларини якунлагач, партиянинг қолган ҳаракатдаги ва кўчмас мулкларини бирон-бир хайрия жамғармаси ихтиёрига ўтказади.
32. Партия Марказий Кенгаши, унинг Палаталари қароргоҳи Тошкент шаҳрида жойлашгандир.